Чек принтери ва ёрлиқ принтерини созлаш

Чек 58 мм да чиқсинми ёки 80 мм да, ёрлиқ A4 вараққами ёки 40×30 рулонгами — ҳаммаси Профилдаги иккита қатордан созланади. Қуйида созлаш тартиби ва қоғозда хато чиққанда нимадан бошлаш кераклиги.

7 кун бепул бошлашСозлаш ва ўргатиш бепул

Дўконда икки хил қоғоз ишлатилади: харидорга бериладиган чек ва товарга ёпиштириладиган ёрлиқ (заргарликда — бирка). BuySale иккаласини ҳам чиқаради, лекин битта шартни бошидан билиб қўйган маъқул: илова принтерга тўғридан-тўғри уланмайди. Чек ҳам, ёрлиқ ҳам браузернинг чоп этиш ойнаси орқали чиқади — принтерни ўша ойнада ўзингиз танлайсиз ва масштабни 100% қилиб қўясиз. Чекда нима чиқиши — касса саҳифасида.

Чек принтери: 58 мм ёки 80 мм

Созламада икки хил рулон эни бор. 58 мм рулонда чекнинг ёзиладиган қисми 48 мм, 80 мм рулонда эса 72 мм бўлади — товар номлари узун бўлса ва чекда қатор кўп бўлса, 80 мм да кенг ва ўқишли чиқади. Қўлингиздаги рулон қайси бўлса, созламада ҳам ўшани белгиланг: акс ҳолда матн четга чиқиб кесилади ёки қоғознинг ярми бўш кетади.

Чекда дўкон номи, сана, сотувчи, товарлар, жами сумма ва тўлов тури чиқади; сотув бўлиб тўланган бўлса ҳар қисми суммаси билан ёзилади, телефон дўконида эса IMEI ва кафолат муддати ҳам чекда туради. Сотув тугагач илова “чек чиқарайми?” деб сўрайди. Кейинроқ керак бўлса, сотувлар тарихидан исталган чекни қайтадан чоп этасиз — қайтариш бўлган бўлса, қоғозга чиқадиган чекда қайтарилган сумма алоҳида сатр бўлиб туради.

Созлама қурилмага эмас, дўконга ёзилади

Профиль бўлимида иккита алоҳида қатор бор: “Чек принтери” ва “Ёрлиқ принтери”. У ерда танлаган ўлчамингиз шу телефонда эмас, дўкон ҳисобида — серверда сақланади. Шунинг учун созлашни бир марта қиласиз: дўконнинг бошқа телефони ва компьютери, созламани оча олмайдиган кассирники ҳам, ўша ўлчамни олади. Битта нозик жойи бор — ўлчам илова кейинги очилганда янгиланади. Кун бўйи очиқ турган кассир иловаси эски ўлчамда чоп этаверади, шунинг учун ўзгартиргандан кейин кассирга иловани ёпиб қайтадан очишни айтинг.

Бу қаторларни дўкон эгаси ва “Созламалар” рухсати берилган ходим кўради. Кассирга бундай рухсат берилмаган бўлса, у созламани умуман кўрмайди — лекин чеки барибир сиз танлаган ўлчамда чиқади.

Созлаш — тўрт қадам

01

Принтерни қурилмага уланг

Принтер телефонингизга ёки компьютерингизга қурилманинг ўз созламаси орқали уланган бўлсин. Чоп этиш ойнасидаги принтерлар рўйхатида кўринса, BuySale унга чиқаради; рўйхатда кўринмаса, илова принтерни ўзи топа олмайди. Қайси принтер олишни ҳали танламаган бўлсангиз — дўкон жиҳозлари саҳифаси.

02

Профилдан ўлчамни танланг

Профиль > Чек принтери — 58 ёки 80 мм. Профиль > Ёрлиқ принтери — тайёр ўлчамлардан бири (40×30, 58×40, 58×30, 43×25, 30×20 мм) ёки ўзингиз ёзган ўлчам: эни 20–120 мм, бўйи 15–120 мм оралиғида.

03

Синов чеки ва синов ёрлиғини чиқаринг

Бир босишда синов чеки ёки синов ёрлиғи чиқади. Синов ҳақиқий чек ва ёрлиқ йўлидан ўтади, яъни қоғозда нима кўринса, сотувда ҳам худди шундай бўлади. Заргарлик дўконида синов бирка кўринишида чиқарилади.

04

Чоп этиш ойнасини тўғриланг

Ойна очилганда керакли принтерни танланг, масштаб (Scale) 100% турганини текширинг, қоғоз ўлчамини рулонникига қўйинг ва чеккаларни (margin) энг кичик қилиб белгиланг. Бу ойна браузер ёки телефоннинг ўзиники — шунинг учун уни ҳар бир қурилмада бир марта тўғрилаб қўйиш керак.

Ёрлиқ: A4 варақ ёки рулон принтери

Ёрлиқ икки хил чиқади — оддий қоғоз принтерида ҳам, махсус ёрлиқ принтерида ҳам. Қўшимча жиҳоз олмасдан бошласангиз ҳам бўлади. Код ва нарх ёрлиғи ҳақида — штрих-код қўлланмасида.

A4 варақда

Оддий принтерингиз бўлса, ёрлиқлар битта A4 вараққа бир нечта бўлиб босилади: варақни қирқиб, жавондаги товарларга ёпиштирасиз. Янги дўкон учун энг арзон йўл.

Рулон принтерида

Ёрлиқ принтери бўлса, ҳар ёрлиқ алоҳида саҳифа бўлиб чиқади — принтер уларни бирин-кетин босади. Ўлчамни Профилда белгилайсиз, масалан 40×30 мм.

Қоғозда хато чиқса — нимадан бошлаш керак

Чоп этишдаги муаммоларнинг кўпи иловада эмас, чоп этиш ойнасидаги учта созламада: масштаб, қоғоз ўлчами ва чеккалар.

Масштаб 100% эмас

Ойнада “Fit to page” ёки 90% турган бўлса, чек ҳам, ёрлиқ ҳам кичрайиб чиқади ва штрих-код ўқилмай қолади. Масштабни 100% га қўйиб, синов чекини қайтадан чиқаринг.

Чекнинг ён томони кесиляпти

Созламадаги эн рулонга тўғри келмаяпти: 58 мм рулонда ёзиладиган жой 48 мм, 80 мм да 72 мм. Профилдаги танловни қўлингиздаги рулонга мосланг.

Битта ёрлиқ бир неча вараққа бўлиняпти

Чоп этиш ойнасидаги қоғоз ўлчами ёрлиқникидан катта — кўпинча A4 бўлиб туради. Қоғоз ўлчамини рулон ўлчамига қўйинг ва чеккаларни энг кичик қилиб белгиланг.

Ёрлиқ сканерда ўқилмаяпти

Чизиқли код жуда сиқилган бўлиши мумкин: 40 мм энли ёрлиқда чизиқ кенглиги тахминан 0,30 мм га тушади, EAN-13 учун энг кичиги эса 0,264 мм. 35 мм дан тор ёрлиқда сканер қийналади — кенгроқ ёрлиқ олинг.

Ёрлиқда чизиқ эмас, рақам чиқди

Чизиқли код фақат 13 хонали (EAN-13) кодда чизилади. Кодингиз бошқа узунликда бўлса, ёрлиққа рақамнинг ўзи босилади — бундай товарга иловадан янги EAN-13 код ясаб беринг.

Кассирда эски ўлчам чиқяпти

Созлама дўконга ёзилган, лекин ҳар бир қурилма уни илова кейинги очилганда олади. Кассирдан иловани ёпиб қайтадан очишини сўранг, шундан кейин янги ўлчамда чиқади.

Нимани ваъда қилмаймиз

Принтер масаласида олдиндан билиб қўйган яхши бўлган чегаралар — кейин “нега бундай эмас” деган савол чиқмаслиги учун.

Принтер ҳақида саволлар

Bluetooth чек принтерим бор, ишлайдими?

BuySale принтерга тўғридан-тўғри уланмайди, шунинг учун жавоб принтерингизга боғлиқ. Принтер телефон ёки компьютернинг ўзига уланган ва чоп этиш ойнасидаги принтерлар рўйхатида кўринадиган бўлса, чек ўша принтердан чиқади. Рўйхатда кўринмаса, илова уни топа олмайди.

58 мм ми, 80 мм ми — қайсинисини танлаган маъқул?

Қайси рулонни ишлатсангиз, ўшани. 58 мм рулонда ёзиладиган жой 48 мм — кичик дўкон ва қисқа чеклар учун етади. 80 мм рулонда 72 мм — товар номлари узун бўлса ва чекда қатор кўп бўлса қулайроқ. Иккаласи ҳам созламада бор, кейин ўзгартирсангиз ҳам бўлади.

Ҳар бир телефонни алоҳида созлаш керакми?

Ўлчамни бир марта, Профилдан созлайсиз — у дўконга, серверга ёзилади ва бошқа қурилмалар иловани кейинги очганда ўшани олади. Фақат чоп этиш ойнасининг ўзи (принтер танлови, масштаб, чеккалар) ҳар бир қурилмада бир марта тўғриланади, чунки у ойна браузер ёки телефонники.

Ёрлиқ принтерим йўқ, оддий принтерда чиқарсам бўладими?

Ҳа. Оддий принтерда ёрлиқлар битта A4 вараққа бир нечта бўлиб чиқади, сиз қирқиб оласиз. Рулон принтери пайдо бўлганда Профилдан ўлчамни (масалан 40×30 мм) танлайсиз ва ҳар ёрлиқ алоҳида саҳифа бўлиб чиқа бошлайди — шундан кейин чоп этиш ойнасида қоғоз ўлчамини рулонникига қўйиб, чеккаларни энг кичик қилиб белгилаш қолади.

Ёрлиққа нарх ёзилсинми ёки йўқми?

Ўзингиз ҳал қиласиз: нарх катакча билан ёқилади, стандарт ҳолатда эса ёзилмайди — нарх ўзгаради, ёрлиқ эса товарда қолиб кетади ва эски нарх билан чалкашлик чиқади. Заргарлик биркасига нарх умуман босилмайди: у ерда проба, размер, масса, вставка ва QR код туради.

Бу чек фискал (солиқ) чекими?

Йўқ. BuySale чиқарадиган чек — дўконнинг ўз ҳисоб варақаси: унда фискал белги ҳам, солиқ QR коди ҳам, касса аппарати рақами ҳам йўқ. Харидорга товар, сумма ва кафолатни кўрсатиш учун етади, лекин фискал аппарат ўрнини босмайди.

Тайёрлади: BuySale жамоаси · Хато топсангиз, Telegram’да бизга ёзинг

Боғлиқ саҳифалар

BuySale

Бугун синаб кўринг, эртага фарқни кўрасиз.

7 кун бепул, тўлов картаси сўралмайди. Кейин кунига 6 630 сўмдан — дўкон турига қараб.

Бепул бошлаш